Умумтаълим курси учун қабул шартлари

Ҳурматли абитуриент, ТСМРИга ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтишдан олдин қуйидаги маълумотларни диққат билан ўқиб чиқинг.

         

1. Умумтаълим курси (1-курс) дастури

2. Дастурга топшириш учун талаблар

3. Онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби

4. Кириш имтиҳонлари

5. Танлов

6. Шартнома имзолаш

 

1. УМУМТАЪЛИМ КУРСИ (1-КУРС) ДАСТУРИ

Умумтаълим курси (1-курс) ўрта умумтаълим мактаби (11 йиллик мажбурий таълим), академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ҳамда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида (ТСМРИ) ўқишни биринчи йилдан бошлаш истагида бўлган абитуриентлар учун мўлжалланган. Умумтаълим курсига (1-курс) ўқишга қабул қилинган талабалар инглиз тили ва мулоқот маҳорати бўйича ўз билимларини ошириш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, улар Математика, Информацион технологиялар асослари, Бизнес бошқарувига кириш каби фанлардан чуқур билим оладилар, Маънавият ва маърифат фани орқали ўз дунёқарашларини кенгайтирадилар. Умумтаълим курси (1-курс) икки семестрлик дастур бўлиб, ҳар йили сентябрь ойининг ўрталарида бошланади.

Умумтаълим курсини (1-курс) муваффақиятли тамомлаган талабаларга 2-курсдан бошлаб  Буюк Британия университетлари (Бангор университети ва Сандерленд университети) томонидан қуйидаги дастурлар таклиф қилинади:

 

Бангор университети (Буюк Британия) дастурлари:

 

  • Бакалавр (имтиёзли) – Банк иши ва молия
  • Бакалавр (имтиёзли) – Саноат бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Халқаро меҳмондорчилик ва туризм бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Амалий саёҳат, туризм ва меҳмондорчилик бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Бизнес ва иқтисодиёт
  • Бакалавр (имтиёзли) – Молия, сармоя ва риск бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Бизнесда компьютер ахборот тизимлари

 

Сандерленд университети (Буюк Британия) дастурлари:

 

  • Бакалавр (имтиёзли) – Бухгалтерия иши ва молия
  • Бакалавр (имтиёзли) – Бизнес ва молия бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Бизнес ва маркетинг бошқаруви
  • Бакалавр (имтиёзли) – Бизнес ва бошқарув
  • Бакалавр (имтиёзли) – Мода махсулоти ва унинг тарғиботи

 

 

 

 

2. УМУМТАЪЛИМ КУРСИГА (1-КУРС) ТОПШИРИШ УЧУН ТАЛАБЛАР

Умумтаълим курсига (1-курс) топшириш учун абитуриентларга қуйидаги талаблар қўйилади.

 

а) Абитуриент қуйидагилардан бирини тамомлаган бўлиши зарур:

1. ўрта умумтаълим мактаби (11 йиллик мажбурий таълим);

2. академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи (12 йиллик мажбурий таълим).

 

б) 5.5 ва ундан юқори балл бўлган IELTS сертификати (ҳар бир компоненти 5.0 дан кам бўлмаган ҳолда)га эга бўлиш зарур;

            Изоҳ: Агар IELTS сертификатига эга бўлмасангиз ушбуни босинг 

в) Барча абитуриентлар ТСМРИнинг математика фанидан онлайн кириш имтиҳонида иштирок этишлари зарур.

3. ОНЛАЙН РЎЙХАТДАН ЎТИШ ТАРТИБИ

            ТСМРИга ўқишга кириш учун абитуриентлар дастлаб онлайн режимда рўйхатдан ўтишлари зарур. Қабул муддати якунланганидан сўнг бошқа сўровномалар ва ҳужжатлар қабул қилинмайди.

            Умумтаълим курси (1-курс) учун онлайн рўйхатдан ўтиш 2018 йилнинг 15 майидан бошланади ва 30 июнь соат 17.00 га қадар давом этади.

(ТСМРИ ҳудудида онлайн рўйхатдан ўтишни истаганлар учун қабул қилиш 2018 йил 1 июндан бошланади).

            Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишлари учун www.mdis.uz манзилида жойлашган электрон шаклдаги сўровномани тўлдиришлари зарур. Сўровнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

        1. Онлайн рўйхатдан ўтиш шартлари: Абитуриент умумтаълим курси (1-курс) дастурига онлайн ариза топширишдан олдин ТСМРИ Қабул комиссияси тартиб-қоидаларини батафсил ўқиб чиқиши ва улар билан тўлиқ танишиб чиқиши лозим.

            2. Шахсий маълумотлар: Абитуриент онлайн сўровномадаги шахсий маълумотларни тўлдириши ҳамда зарур ҳужжатларни юклаши лозим.

  • Фамилияси, исми, отасининг исми;
  • Туғилган санаси (кун, ой, йил);
  • Паспорт маълумотлари;
  • Доимий яшаш манзили;
  • Электрон почта манзили;
  • Телефон рақами (уяли телефон рақами ва уй телефон рақами);
  • Паспорт нусхаси (PDF форматида) юкланиши лозим (доимий яшаш жойи тўғрисидаги маълумот кўрсатилган ҳолда);
  • Расм (3.5Х4.5 ҳажмда, JPEG форматида) юкланиши лозим.

 

3. Ота-онаси тўғрисидаги маълумот: Абитуриент ота-онаси тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тўлдириши зарур:

  • Тўлиқ исми-шарифи;
  • Доимий яшаш манзили;
  • Телефон рақами; (уяли ва уй телефон рақами);
  • Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса).

 

4. Таълим тўғрисида маълумот. Абитуриент сўровномада таълим тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни тўлдириши зарур:

 а) Диплом ва унинг иловаси (инглиз тилига таржима қилинган ва нотариус томонидан тасдиқланган бўлиши лозим).

     Ўрта таълим муассасалари (коллеж / академик лицей / ўрта умумтаълим мактаб)ни ушбу ўқув йилида битираётган абитуриентлар ТСМРИга онлайн рўйхатдан ўтиш даврида диплом олишга улгурмаган бўлса, ўқишни битирганлиги ҳақида академик маълумотномани тақдим этишлари мумкин. Академик маълумотнома (2017-2018 ўқув йили битирувчилари учун) инглиз тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.

б) битирган таълим муассасаси тури:

  • а) академик лицей
  • б) касб-ҳунар коллежи
  • в) ўрта умумтаълим мактаби

5. Топшириладиган ҳужжатлар. Абитуриент онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида      

қуйидаги ҳужжатларни сканер қилинган ҳолда PDF форматида юклаши лозим:

  • Ректор номига ариза (намуна);
  • Паспорт (доимий яшаш манзили кўрсатилган ҳолда); (намуна)
  • Диплом ва унинг иловаси (инглиз тилига таржима қилинган ва нотариус томонидан  

            тасдиқланган бўлиши лозим); (намуна)

  • IELTS сертификати; (намуна)
  • Расм (3.5Х4.5 ҳажмда, JPEG форматда); (намуна)

 

4. МАТЕМАТИКА ФАНИДАН ОНЛАЙН ТЕСТ

            Математика фанидан онлайн тест (МФОТ) ТСМРИ (Сингапур Республикаси) вакиллари томонидан 25 дан – 31 июлгача бўлган даврда Тошкентдаги ТСМРИ ўқув биносида онлайн режимда Сингапур менежментни ривожлантириш институти (Сингапур Республикаси) томонидан тўғридан-тўғри ўтказилади (имтиҳон кунлари абитуриентларнинг ўша вақтдаги сонига қараб фарқ қилиши мумкин).

            Абитуриентлар ТСМРИ Математика фанлари бўйича кириш имтиҳонлари кунини www.mdis.uz веб манзили орқали билиб олишлари зарур. Абитуриентлар МФОТ натижаларини тест якунланган заҳоти билишлари мумкин.

            МФОТ натижаси икки нусхада чоп этилади; абитуриент тест натижалари акс этган декларациялар билан танишиб, уларга имзо қўяди. Имзоланган декларация нусхаларидан бири имтиҳон назоратчисига топширилади. Иккинчи нусхаси абитуриентнинг ўзида қолади.

Математика фанидан онлайн тест қуйдагилардан иборат:

Тест бир соат давом этади (60 дақ.)

Умумий тест саволлари: 50 та савол

Ҳар бир тўғри жавоб учун бериладиган балл: 2 балл

Умумий балл: 100 балл.

Ўтиш учун минимум балл: 40 балл (Изоҳ: Минимум ўтиш балли абитуриентга талабалик мақомига эга бўлишини кафолатламайди).

            Математика фанидан кириш имтиҳони учун тест саволлари намунаси.

5. ТАНЛОВ

          МФОТдан ўтиш ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар IELTS баллари асосида энг юқори баллдан бошлаб 2018-2019 ўқув йили учун белгиланган квота (800)* тўлгунига қадар танлаб олинади (9 баллдан 5.5 гача).

 

            Изоҳ: ТСМРИ танлов босқичида белгиланган қабул мезонлари, яъни IELTS 5.5 ва Матимематика фанидан минимум ўтиш балли (40 балл)га эга бўлиш, абитуриентнинг талабалик мақомини қўлга киритишини кафолатламайди. Чунки қабул квотаси СМРИ (Сингапур Республикаси) томонидан белгиланган (ўртача 800 та) бўлиб, танловда юқори IELTS баллига эга бўлган абитуриентларга имтиёз берилади.

            ТСМРИ танлов натижаларини абитуриентлар ТСМРИ веб саҳифасидан www.mdis.uz билиб олишга ўзлари масъулдирлар. Бунинг учун улар паспорт серияси ва рақамларини киритишлари керак. Абитуриентларга танлов натижалари электрон почта ёки смс орқали хабар қилинмайди.

 

6. ШАРТНОМА ИМЗОЛАШ

            Имтиҳон натижаларига кўра талабаликка тавсия этилган абитуриентлар билан ТСМРИ ўртасида шартнома имзоланади. Шартнома имзолаш саналари ТСМРИнинг расмий веб-сайтида (www.mdis.uz) эълон қилинади. Ўқиш учун тўлов шартнома имзоланган кундан эътиборан 7 (етти) банк куни ичида амалга оширилиши лозим. Абитуриентларга ўқиш учун умумий тўлов миқдорининг 50% дан (2 қисмга) бўлиб тўлашга рухсат берилади. Белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаган абитуриент билан шартнома бекор қилинади ва шартнома қайтадан имзоланмайди.

           

            Абитуриентлар шартнома имзолаш учун қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхасини топширишлари лозим:

 

  • Ректор номига ариза;
  • 2 дона паспорт нусхаси (доимий яшаш манзили кўрсатилган ҳолда);
  • Ўрта таълим тўғрисидаги маълумот (диплом ва унинг иловаси);
  • ТСМРИ сўровномаси;
  • Тиббий маълумотнома (№086 шакл);
  • Мудофаа бўлими чақирув участкасида қайд этиш гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳнома нусхаси;
  • 6 дона расм (3.5Х4.5 ҳажмда)